Буюк ипак йўлида туташган дўстлик ришталари мустаҳкамланди

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

15 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида Хитой Халқ Республикаси Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди.

Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам ҳозир бўлди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шерикликнинг 10 йиллиги муносабати билан бир-бирини қутладилар.

Президентимиз Си Цзиньпинга мазкур ташриф арафасида чоп этилган, халқларимиз кўп асрлик ришталар билан боғланганини тасдиқловчи ва дастурий аҳамиятга эга “Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг ёрқин келажагини биргаликда барпо этиш” сарлавҳали муаллифлик мақоласи учун чин дилдан миннатдорлик билдирди. Хитой халқи Си Цзиньпин раҳбарлигида эришаётган улкан ютуқларни қайд этиб, Хитой Коммунистик партиясининг бўлажак йигирманчи ялпи мажлиси муваффақиятли ўтишини тилади.

Хитой раҳбари, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижалар бераётганини таъкидлади.

Хитой Халқ Республикаси Раисининг мамлакатимизга бу галги давлат ташрифи қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Самарқандда амалга оширилаётганида ҳам чуқур размий маъно бор. Бу давлатларимиз ўртасидаги алоқалар бир неча асрлик тарихга эга эканлиги ва ўзаро ишонч, ҳурматга асосланганидан далолатдир. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур ташриф ҳамда давлатларимиз асосий ташкилотчиларидан бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бу галги саммити яқинда бунёд этилган ва илк бор мана шундай нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилаётган “Буюк ипак йўли” туристик мажмуасида ўтказилмоқда. 

Етакчилар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан буён эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.

Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига Хитой томонидан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Шу мақсадда жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш таклиф этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудларида Хитой компаниялари иштирокида йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Илм-фан ва маданият соҳаларида ҳам ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Таълим тизимидаги алоқалар туфайли ахборот технологиялари, кимё саноати бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Яқин истиқболда бу борадаги ҳамкорликни яна кенгайтириш зарур. 

Минтақамиз тараққиёти ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлиги учун стратегик аҳамиятга эга “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлаш тўғрисида тарихий келишувга эришилгани катта мамнуният билан таъкидланди.

Гуманитар ҳамкорлик, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, вакциналар ишлаб чиқариш, фан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма дастурларни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Келгуси йилда ўзаро дўстлик ва англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон ва Хитой халқлари маданияти ҳамда санъати йилини ўтказишга келишиб олинди. Бу борадаги тарихан қарор топган дўстлик алоқаларини илмий асосда ўрганиш ва тадқиқ этиш лозим. 

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан батафсил фикр алмашилди.

Афғонистонда тинчлик жараёнига ва иқтисодий тикланишга кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни, халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар, жумладан, “Марказий Осиё – Хитой” механизми доирасида тизимли ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Хитой етакчиси Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раиси сифатидаги фаолиятини, бунинг натижасида ташкилотни кенгайтириш ва халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинганини юксак баҳолади.

Музокаралар якунида Си Цзиньпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни жавоб ташрифи билан Хитойга боришга таклиф этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самарали музокараларидан сўнг икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари Қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган.

Шунингдек, олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланди. Шу жумладан:

– “Яшил” тараққиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида меморандум;

– Фойдали қазилмаларни ўзлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– Қурилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– 2022-2025 йилларда маданий алмашинув дастури;

– Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Самарқанд вилояти ва Шаньдун провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Тошкент вилояти ва Чунцин мегаполиси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Бухоро вилояти ва Юньнань провинцияси ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим;

– Бухоро ва Куньмин шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди.

Шундан сўнг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мукофотни топширар экан, Хитой Раиси халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари, ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва Хитой етакчисининг алоҳида эътибори туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага чиққани, мукаммал ва жадал тус олгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка оид кенг кўламли дастур ва лойиҳалар фаол амалга оширилаётгани эътироф этилди.

Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикасининг олий мукофоти билан тақдирланиши унга халқаро миқёсдаги давлат ва сиёсат арбоби сифатида чуқур ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Хитой Раиси “Олий Даражали Дўстлик” орденига сазовор бўлган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин сермаҳсул музокаралардан сўнг Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази боғида биргаликда дарахт экдилар.

Бу дўст мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга муштарак интилишларнинг навбатдаги рамзи бўлди.

Умуман, Хитой Халқ Республикаси Раисининг мамлакатимизга бу галги ташрифи Хитой ва Ўзбекистоннинг қадимий Буюк ипак йўли орқали боғланган дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини янги “Буюк ипак йўли” мажмуасида янада мустаҳкамлаб, ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хитой Раиси 16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари

https://uza.uz/posts/408006