Сифатсиз чиқарилган маҳсулот учун жавобгарликни кучайтириш қонундан ўрин олди

 

Тадбиркорлик субъектларига замонавий ва хорижий стандартлар асосида сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳамда аҳолини сифатли маҳсулот ва хизматлар билан таъминлашга қаратилган қонуний асос яратилмоқда.

«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган бўлиб, хорижий давлатларнинг тажрибаси ва халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида амалиётдаги мавжуд муносабатларни тартибга солади. 

Қонунда маҳсулотлар хавфсизлигини халқаро талаблар билан уйғунлаштиришга, ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва импорт қилувчиларнинг сифатсиз чиқарилган маҳсулоти учун жавобгарлик даражасини кучайтириш кўзда тутилган. Бозорда хавфли маҳсулотлар реализациясининг олдини олишга қаратилган давлат назоратини кучайтиришга, маҳаллий маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.  

Қонунда назорат хариди амалиёти йўлга қўйилиб, эндиликда маҳсулотнинг хавфсизлигини назорат қилиш нафақат корхонанинг ўзида, балки савдо нуқталарида ҳам амалга оширилиши мумкин. Бу билан сифатли, хавфсиз, техник регламент талабларига мувофиқ бўлган маҳсулотлар истеъмолчиларга етказилиши таъминланади.  

Шу билан бирга, назорат органлари ўртасида сифатсиз маҳсулотлар тўғрисида ахборот алмашинув тизими йўлга қўйилади. Хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий истеъмолчилар олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги қатъий белгиланмоқда.  

Маҳсулотни ишлаб чиқишдан истеъмолчига етказишгача бўлган занжир иштирокчилари, яъни ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, сотувчи ва импорт қилувчиларнинг мажбуриятлари ҳамда улар томонидан қонунчиликда ва техник регламентда белгиланган мажбурий талабларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.  

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.  

 Н.Абдураимова, ЎзА

Нусха олиш