Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун субсидия

Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш ахборот тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга субсидия бериш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Агросубсидия” ахборот тизими хизматларини кенгайтириш, ушбу тизим орқали давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан субсидиялаш хизматлари ўз вақтида кўрсатилиши юзасидан назорат олиб боради ва мазкур тизим бўйича ишларни мувофиқлаштириб боради.

“Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасаси “Агросубсидия” ахборот тизимининг оператори бўлиб, унга қуйидаги қўшимча вазифалар юкланади:

 “Агросубсидия” ахборот тизимига кириш ва тизимда ишлашда ундан фойдаланувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш; 

“Агросубсидия” ахборот тизимида маълумотлар билан алмашиш учун Молия вазирлигининг Давлат имтиёзлари ягона электрон платформаси (subsidiya.mf.uz) ва “UzASBO” дастурий мажмуаси ҳамда бошқа давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг ахборот тизимлари билан ўзаро интеграциялашувини амалга ошириш; 

“Агросубсидия” ахборот тизими ёрдамида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва субсидия олишга талабгорларнинг субсидия бериш тўғрисидаги аризалари ваколатли давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан кўриб чиқилиши ва ижрога йўналтирилишини автоматлаштириш; 

“Агросубсидия” ахборот тизими орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида берилаётган субсидия тўғрисида очиқ ва шаффоф статистика маълумотларини ҳамда уларнинг ягона электрон архивини шакллантириш.

Шунингдек, “Агросубсидия” ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби, тизим оператори, тизимдан фойдаланувчи талабгорлар ҳамда масъул ташкилотларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари;

талабгорлар томонидан субсидия ажратилиши белгиланган йўналишлар бўйича манзилли рўйхатга кириш ва субсидия олиш учун ахборот тизими орқали ариза юбориш тартиби; 

субсидия ажратилиши белгиланган йўналишлар бўйича талабгорлардан тушган аризаларнинг ваколатли давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан кўриб чиқилиши, ҳужжатларни электрон шаклда юритиш ҳамда ариза бўйича хулоса бериш тартиби “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” тўғрисидаги Низом билан тасдиқланган.

Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши “Агросубсидия” ахборот тизими орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида субсидия ажратиб боради.

2022 йил 20 декабрдан бошлаб талабгорлар томонидан пахта, дон ва дуккакли, сабзавот, картошка, полиз, мойли ва озуқабоп экинлар, доривор ўсимликлар ва хўраки узум маҳсулотларини етиштиришда, мевали боғлар барпо қилишда ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидия олиш учун аризалар “Агросубсидия” ахборот тизими орқали юборилади.

Талабгорларнинг субсидия олиш учун тақдим этган аризалари субсидия бериш йўналишларига мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман, вилоят ва республика ишчи гуруҳлари томонидан “Агросубсидия” ахборот тизими орқали қабул қилинади, кўриб чиқилади ва ижрога йўналтирилади. 

Талабгорларни “Агросубсидия” ахборот тизимида фойдаланувчи сифатида рўйхатга олиш, идентификациялаш ва аутентификациялаш “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (id.egov.uz) орқали амалга оширилади.

                 

https://uza.uz/posts/436653

                                                                                                    ЎзА