Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар қўллаб-қувватланмоқда

Юртимизда деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона ҳўжаликларида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш, етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизими яратилмоқда.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

– Мазкур қарорга кўра, мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан 11 ойлик имтиёзли давр билан 300 миллиард сўм бюджет ссудасини йиллик 10 фоиз ставкада ажратиш белгиланган, – дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Шарофиддин Жумақулов. – Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ҳамда экспорт қилиш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2022 йилда етиштирилаётган маҳсулотларни харид қилиш мақсадида тегишли тартибда буюртмалар берилмоқда. Жумладан, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор, Нурота ва Хатирчи туманларидаги 8 та мева-сабзавотчилик кластерлари томонидан 5100 гектар майдонда сабзавот, полиз, мойли ва дуккакли экинлар етиштириш учун 12 миллиард 915 миллион сўмлик буюртмалар берилган.

Хатирчилик Фахриддин Ўринов 20 йилдан буён “Орзу” фермер хўжалигида раҳбарлик қилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланиб келади. Юртимизда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлардан руҳланган Ф.Ўринов Кўксарой ҳудуди дашт қисмидан 20 гектар майдонни ўзлаштиришга киришди.

– Бу ҳуддудда оқар сув муаммоси мавжуд. Шунинг учун бу ерда фақат тик қудуқ қазиб, деҳқончилик қилиш мумкин, – дейди фермер хўжалиги иш юритувчиси Жалолиддин Ўринов. – Айни пайтда 15 гектар майдонга 8 минг дона узумнинг қора кишмиш навини экиб парваришлаяпмиз. Кўчатларни Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидан олиб келдик. Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган ҳолда парваришланаётган кўчатларнинг 90 фоизини кўкартиришга эришдик. Кўкармасдан қолган ниҳоллар ўрнига янгидан кўчат ўтқазиб, кўкартиришга ҳаракат қиляпмиз. Узумчиликдан ташқари 4 гектар майдонда картошка ва 1 гектар майдонга полиз экинлари экканмиз. Улар ҳам томчилатиб суғорилмоқда. Ҳозирча экинларимизнинг ривожи яхши. Картошка гулга кирган.

Республика Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2022 йилда мева, сабзавот, картошка етиштириш учун тижорат банкларига имтиёзли кредит ажратиш юзасидан 495 та фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 9 миллиард 904,6 миллион сўмлик талабномалар берилган. Бугунги кунда “Агробанк” АТБ томонидан 185 та фермер хўжаликлари ва қишлоқ корхоналарига 3 миллиард 795,6 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

– Вилоятдаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 7,9 минг гектар боғи мавжуд бўлиб, шундан ҳосилли боғлар 4,1 минг гектарни ташкил қилади, – дейди Ш.Жумақулов. – Жорий йилда режалаштирилган 508 гектарнинг 264 гектарида янги боғлар барпо этилди. Унинг 172,7 гектари фойдаланишдан чиққан ерларда, 50 гектари лалми ва яйлов ерларда ва 41,3 гектари самарасиз бузилган боғ ва токзорлар ўрнида барпо этилди. Шунингдек, вилоят бўйича 6,8 минг гектар майдонда токзорлар мавжуд бўлиб, жорий йилда 6,5 минг гектар майдонда узумзор барпо этиш режалаштирилган.

Вилоятда жорий йилда боғ-ток қатор ораларига 3742 гектар майдонда савзавот етиштириш белгиланган бўлиб, шу кунга қадар 1778 гектарда сабзавот, 630 гектарда полиз маҳсулоталари ва 333 гектар майдонда картошка экинлари экилиши таъминланди.

Ушбу майдонларда экиш учун Республика Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан 535,7 минг дона 310 миллион сўмлик сабзавот кўчатлари ва 280 кг ошқовоқ уруғлари етказиб берилди.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда 21 та субъектга 685 гектар майдондаги боғзор ва токзорлар учун 7 миллиард 465 миллион сўм, 2022 йилнинг 4 ойи мобайнида эса 3 та субъектга 967 миллион сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.

Мақсад эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаган ҳолда аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдир.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА