Хирмон донга, дастурхон нонга тўлади

Хирмон донга, дастурхон нонга тўлади
 

Жорий йил ҳосили учун Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида 4375 гектар майдонда ғалла парваришланди.

Айни пайтда далаларда йил давомидаги меҳнат маҳсули сифатида етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Бунинг учун юқори унумли комбайн ва бошқа автотранспорт, ташиш воситаларидан фойдаланилмоқда. 

Тойлоқлик фермерлар бу йил 34 минг тонналик улкан ғалла хирмони яратишни мақсад қилган. Жумладан, “Бахшитепа” агрофирмаси ҳудудидаги фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 463 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Шартнома бўйича 1379 тонна ғалла давлатга сотилади. Қолганини эса эндиликда фермерларнинг ўзи мустақил тасарруф этиши мумкин.

– Бу йил ғаллакорларимизнинг кайфияти, ғайрат-шижоати ўзгача, – дейди “Бахшитепа” агрофирмаси раҳбари Қобилжон Арабов. – Ғалла харид нархининг бозор талабидан келиб чиқиб белгиланиши ва аввалги йилларга нисбатан икки баробар ўсгани, шартномадан ортиқча ғаллани фермер биржа савдоларида эркин сотиш ҳуқуқига эга бўлгани фермерларни хурсанд қилди. Ҳар бир инсон манфаат кўриш учун меҳнат қилади, кўпроқ даромад олишни истайди. Шу жиҳатдан энди фермерлармиз қанча кўп меҳнат қилса, ердан омилкорлик билан фойдаланса, бундан аввало ўзи манфаатдор бўлишини яхши билади. Ҳозиргача 26 гектар майдондаги ғалла ўрилди. Ҳосилдорлик яхши, гектаридан ўртача 55-60 центнердан дон олинмоқда. Шартнома бўйича давлатга ғалла сотиш режамиз 1379 тонна. Бу борада муаммо бўлиши мумкин эмас, барча фермер хўжаликларида режадагидан икки баробар кўп ҳосил етиштирилган. 2800 тонна дон олишни мўлжаллаб турибмиз. Дон қанча кўп бўлса, дастурхондаги нонимиз ҳам шунча мўл бўлади, арзон бўлади. 

Ҳудуддаги “Бобур агро жаҳон” фермер хўжалигида жорий йил 16 гектар майдонда ғалла етиштирилди. 1997 йилдан бери фаолият юритиб келаётган хўжаликда бу йил ҳосил чўғи баланд. Муҳиддин Очилов раҳбарлик қилаётган хўжаликнинг ғалла майдонларидан 70 центнердан ҳосил олинмоқда. 

– Умумий ер майдонимиз 19,8 гектар ва асосан, ғалла етиштирамиз, – дейди Муҳиддин Очилов. – Қолганига сабзавот экинлари экамиз. Оила аъзоларимиздан ташқари, 8 нафар ишчимиз бор. Худога шукр, меҳнатимизга яраша даромад қиляпмиз. Тўғриси, ғалла хариди учун бозор механизмига ўтилгани ғайратимизни оширди. Ғалладан бўшаган майдонларда иккинчи экин экамиз. Икки гектар ерни ҳудуддаги кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга ажратганмиз. Улар ҳам ушбу ерда экин экиб даромад қилади. Қолган қисмига ўзимиз сабзавот маҳсулотлари етиштиришни мақсад қилганмиз.

Ишлаган, меҳнат қилган роҳатини ҳам кўради. Ҳар йили 250-300 миллион сўмгача даромад қилаётган эдик. Бу йил дон сотиш борасидаги ўзгаришлар туфайли даромадимиз янада ошади. Бундан албатта, руҳланиб, ердан янада унумлироқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Айни пайтда Тойлоқ туманида 12 минг 300 гектарга яқин майдондан қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Жумладан, 8300 гектар очиқ майдонда ғалла, сабзавот ва полиз экинлари етиштирилса, 2618 гектар токзор, 881 гектар боғ, 465 гектар тутзор ва 35 гектар лалми ердан ҳам самарали фойдаланилмоқда. 

Бу майдонларда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари юртимизнинг турли ҳудудларига, шунингдек, хорижга сотилмоқда. Ўз навбатида туманда бу маҳсулотларни қайта ишлаб, қадоқлаб экспортга чиқараётган корхоналар, тадбиркорлар ҳам кўпайиб бормоқда. 

https://uza.uz/posts/381242