Бош қомусимизда болалар ҳуқуқлари кафолатлари янада мустаҳкамланади

Бош қомусимизда болалар ҳуқуқлари кафолатлари янада мустаҳкамланади
ЖамиятТанлаш
Рўйхатдан ўтинг
09:59 / 15.06.2022

Давлатимиз раҳбари Бош қомусимизга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганида, унда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизим самарасини ошириш зарурлигига эътибор қаратди.

Жумладан, Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши кераклигини таъкидлаган. 

Бу бежиз эмас, албатта. Чунки айнан ушбу масалаларда кейинги бир неча йилда мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилди. Халқаро миқёсда эътироф этилган қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва янги тартиблар амалда жорий этилди.  

Гарчи амалдаги Конституцияда ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқи кафолатланиши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаши, ноқонуний меҳнатга йўл қўйилмаслиги келтириб ўтилган бўлса-да, айнан болалар меҳнатига, мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги аниқлаштирилмаган эди.

Шунинг учун ҳам анча йиллар давомида қишлоқ хўжалигида, хусусан, пахта йиғим-теримида ҳали вояга етмаган болалар,  ўқувчилар, турли касб эгалари меҳнатидан фойдаланиб келингани сир эмас.  Бунинг оқибатида эса ўзбек пахтасига жаҳон бозорида бойкот эълон қилинган ва дунёнинг етакчи компаниялари пахтамизга харидор бўлишдан бош тортиб келган. Бу эса ушбу маҳсулотнинг жаҳон бозоридаги қийматини тушириб юборганди. Бундай ҳолат асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кўпроқ пахта етиштирувчи мамлакат учун осон бўлмаган. 

Яъни 2009 йилда ўзбек пахтасига “Cotton Campaign” коалицияси эълон қилган бойкотга дунёнинг энг йирик 60 дан ортиқ компаниялари қўшилган. Кейинчалик ўзбек пахтасини бойкот қилган халқаро бренд ҳамда ритейлерлар сони 331 тага етган. Бу пахта-тўқимачилик саноатимиз ва унинг экспортига салбий таъсирини ўтказмай қолмади.  

Жорий йил 10 мартда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди.  

Давлатимиз раҳбарининг “Неча йиллардан бери манфаат қилмадик. Пахтамизнинг ранги оқ эди, лекин “қора” бўлиб юрди. Биз бунинг учун қанча қийналдик. Агар сиёсий ирода бўлмаганида шу нарсалар бўлармиди?” деган фикрлари эса айни ҳақиқатдир. 

Аммо бунга осонликча эришилмади. Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси тузилди.  

Мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик учун самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Мамлакатда халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ишлари амалга оширилди. 

Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари ҳам яратилди. Жумладан, 2018-2021 йилларда тегишли кодекс ва қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди. 

Кўрилаётган чоралар мамлакатимизда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини бермоқда. Буни нуфузли халқаро ва хорижий экспертлар ҳамжамияти маълумотлари ҳам тасдиқлайди. 

2020 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мустақил жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда “Учинчи томон мониторинги” ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, халқаро экспертлар 2019-2020 йиллардаги пахта йиғим-терими давомида болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаганлиги тўғрисидаги қатъий хулосаларини эълон қилди. 

Эндиликда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ўз ифодасини топиши ғоясини бутун халқимиз қўллаб-қувватламоқда.  

Бунинг амалга ошиши шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишига шубҳа йўқ. Қолаверса, бу Қомусимизда инсонпарварлик тамойили янада кучайишига, унинг умуминсоний қадриятлар мажмуалари бўлган халқаро ҳужжатларга мослигини ҳам таъминлайди.  

Зарина Исроилова,  

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети  

Ҳуқуқ назарияси ва давлат бошқаруви кафедраси доценти в.б. 

ЎзА